DataLife Engine > Главная > ЎЗБЕКИСТОН ВРАЧЛАР АССОЦИАЦИЯСИ ФАОЛИЯТИ ҲАҚИДА

ЎЗБЕКИСТОН ВРАЧЛАР АССОЦИАЦИЯСИ ФАОЛИЯТИ ҲАҚИДА


5 января 2019. Разместил: Manager
Ўзбекистон врачлар ассоциацияси 1992 йилда ташкил этилган мустақил, ўз-ўзини бошқарувчи ижтимоий касбий бирлашма бўлиб, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимларини, шунингдек Ассоциация дастурларини ҳаётга тадбиқ этишни хоҳлаган ва унга ёрдам берувчи алоҳида шахсларни кўнгилли равишда бирлаштирадиган жамоат бирлашмаси, ташкилий-ҳуқуқий шаклидаги ташкилотдир. Ўзбекистон врачлар ассоциациясининг юқори органи конференция хисобланади. Конференция ҳар беш йилда 1 марта йиғилиш ўтказади, ҳар йили Кенгаш (конференция қарори билан тасдиқланган 33 аъзо) раёсат фаолиятини эшитади. Раёсат (11 аъзо) йил бошида тасдиқланган иш режаси асосида ўз фаолиятини ташкил қилади. Раёсат аъзолари маълум бир қўмиталарни бошқарадилар (тиббий илм-фанни ривожлантириш, биоэтика, фахрий врачлар, аккредитация, илмий – амалий конференцияларни ўтказиш, халқаро ҳамкорлик қўмиталари).
Ўзбекистон врачлар ассоциациянинг мақсади инсонпарварлик, врачлик аҳлоқи ва табобат одоби ғояларини тарғиб этиш хисобига Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлиғини сақлаш ва мустаҳкамлаш учун тиббиёт амалиёти ва илмини ривожлантиришга кўмаклашиш, Ассоциация аъзоларини касбий, ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш ҳисобланади.
Ассоциациянинг асосий вазифалари:
- Ўзбекистон Республикаси “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда соғлиқни сақлаш тизимига доир қабул қилинган дастурларни ҳаётга тадбиқ этишда фаол қатнашиш;
- соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларда иштирок этиш;
- тиббиёт муассасаларининг ягона статистика ҳисоби ва тиббий ҳисоботни барқарор қилувчи ахборотлар базасини ташкил этишда қатнашиш;
- тиббий ихтисосликлар бўйича диагностика ва даволаш стандартларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;
- тиббиёт сохасига доир ҳуқуқий хужжатларни ишлаб чиқишда қатнашиш;
- халқ табобатини ривожлантириш ва уни ҳаётга татбиқ этишда кўмаклашиш;
- Ўзбекистон Республикаси аҳолисига тиббий ёрдамни ташкил қилишда рақобатдош хусусий тиббиётнинг қарор топиши ва ривожланишига кўмаклашиш;
- тиббиёт ходимларининг малакасини оширишда иштирок этиш (шу жумладан интернет ва журналлар орқали);
- малака ошириш борасида тегишли органларга ўз таклифларини бериш;
- врачларни тиббий, иқтисодий ва хуқуқий масалалар бўйича билим савиясини ошириш;
- фахрий (ветеран) врачларни ижтимоий химоялашда қатнашиш, уларнинг касбий тажрибасидан унумли фойдаланиш;
- аҳолининг соғлиғига зарар етказадиган ҳолатлар учраган тақдирда (бундай ҳолларда турли ташкилот ва алоҳида шахслар фаолияти бўйича) малакали экспертизалар ташкил этиш ва уларни ўтказишда қатнашиш.
Ўзбекистон врачлар ассоциацияси ташкил топганидан буён ривожланишнинг муайян босқичларини босиб ўтди, ҳамда бугунги кунда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ходимларнинг ижтимоий ҳаётида ҳам, умуман олганда фуқаролик жамияти ҳаётида ҳам ўз ролини кучайишини кўриш мумкин. Ўзбекистон врачлар ассоциацияси 14 та худудий (Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳа ва 12 та вилоятда) ва 13 та жамоа шаклда (Нейрохирурглар, Санитария ва гигиена врачлари, Умумий амалиёт врачлари, Микробиологлар, Оторинолариголог, Гастрэнтерологлар, Соғлиқни сақлашни ташкил этиш мутахассислари, Иглорефлексотерапевтлар (Корея халқ табобати), «Ўзбекистон Темир йўллари» компаниясининг Қон қуйиш станцияси, Герантолог ва гериатрлар бўлими, Суд тиббиёти экспертлари, ревматологлар ва валеологлар) аъзо бўлган тиббиётнинг тор йўналишлари бўйича бўлимларига эга. Ассоциация жамоат ташкилоти сифатида Ўзбекистоннинг 35000 шифокорини бирлаштиради, бу эса барча шифокорларнинг 40 фоизини ташкил этади.
Шифокорларни рағбатлантириш. Ўзбекистон врачлар ассоциациясининг фаолияти ҳақида сўз юритиб, шифокорнинг обрў-эътиборини мустаҳкамлашдаги ҳиссасини алоҳида эътибор билан таъкидлаб ўтиш лозим. Ассоциация “Тиббиёт ходимлар кунини тасдиқлаш” ва “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак белгиси тўғрисидаги Қонунларни ишлаб чиқишда иштирок этди. Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон врачлар ассоциациясининг тавсияси билан 20 дан ортиқ шифокорларга “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак белгиси берилди. Бундан ташқари 9 май “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан ҳар йили 30 дан ортиқ фаҳрий врачларга моддий ёрдам ажратади, бундай тадбирларда республикамизнинг барча бўлимлари томонидан ҳам амалга оширилади.
Илмий-амалий конференциялар. Бирламчи тиббий санитария ёрдам тизимини такомиллаштириш мақсадида “Аҳолининг касалланиш кўрсаткичларига таъсир қилувчи хатарли омиллар ва уларни олдини олишда долзарб масалалар” мавзусида 2012 йилдан бери илмий-амалий конференциялар ўтказади. Ушбу конференциялар амалий тусда ўтказилиб, одатда вилоят марказларида Тошкент шаҳридан юқори малакали профессор ва ўқитувчиларни жалб қилиш билан амалга оширилади. Бундай конференциялар шу кунга қадар, 2-3 яқин жойлашган вилоят учун Қарши, Урганч, Гулистон, Фарғона ва албатта Тошкент шаҳарларида ўтказилган. Конференцияда 400 дан ортиқ умумий амалиёт ва бошқа тор ихтисосликдаги шифокорлар қатнашади.
Тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш. Ўзбекистон врачлар ассоциацияси ҳозирги кунда умумий нусхаси йилига 15000 дан ортиқ бўлган икки илмий-амалий тиббий журнални «Ўзбекистон врачлар ассоциацияси бюллетени» ва «Ўзбекистон умумий амалиёт врачлар ахборотномаси»ни нашр этади. Журналларда нафақат илмий, балки йилдан йилга амалий мақолалар, шу жумладан хорижий давлатлар муаллифларининг мақолалари нашр этилмоқда.
Иқтидорли талабаларни қўллаб – қувватлаш. Ўзбекистон врачлар ассоциацияси 2010 йилдан бери тиббиёт олий ўқув юртлари талабалари учун «Ўзбекистон врачлар ассоциацияси стипендияси»ни таъсис этган. Бугунгача 40 дан ортиқ талабалар Ассоциация стипендиясига сазовор бўлишди. Ушбу стипендия фақатгина юқори натижага эришган талабаларга берилиб, йил давомида асосий стипендиясига қўшимча пул билан рағбатлантирилади. Бу ўз навбатида иқтидорли талабаларни қўллаб – қувватлаш ва Ўзбекистон врачлар ассоциациясини ёш врачлар орасида тарғибот қилишга имкон беради.
Тиббий таълим тизимини такомиллаштириш. Ўзбекистон врачлар ассоциацияси касбий ташкилот бўлиб, унинг асосий вазифаларидан бири бу врачларни малакасини ошириш ва касбий маҳоратини такомиллаштириш хисобланади. Ўзбекистон врачлар ассоциацияси 2010 йилдан бошлаб Тошкент врачлар малакасини ошириш институти билан хамкорликда «Ўзбекистон врачлар ассоциацияси бюллетени» журнали ёрдамида масофавий таълим тизимини жорий этди. Бу дастур орқали 2000 дан ортиқ шифокорлар уйдан чиқмай туриб, масофа орқали малакаларини ошириб сертификатларга эга бўлдилар. Ушбу ўқитиш шакли хорижий давлатларда ривожланган бўлиб, “журнал орқали” малака ошириш усули деб ном олган. Ушбу усул Мутақил давлатлар ҳамдўстлигида фақатгина Ўзбекистон Республикасида жорий қилинган ва врачлар учун малака ошириш усулларини кенгайтириш имконини беради. Ассоциация йилдан-йилга малака оширишнинг янги усуллари, яъни мустақил таълим масофадан ўқитиш (онлайн) дастурини ўз сайтида (www.avuz.uz) ривожлантирмоқда.
Грантлар. Ўзбекистон Республикасида фуқаролик жамияти институтларининг нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Олий Мажлиси хузуридаги ННТлар ва бошқа институтларни ривожлантириш фонди ташкил этилган бўлиб, улар ҳар йили жамоат ташкилотларини мамлакатимизда амалга ошириладиган ижтимоий-иқтисодий ислоҳатларда иштирок этиш учун грантлар ажратмоқда. Ассоциация ва унинг ҳудудий бўлимлари 10 ортиқ (Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Самарқанд, Тошкент шаҳар ва вилоят бўлимлари) грантлар олдилар, ҳамда уларни амалга оширишда иштирок этдилар. 2016 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси хузуридаги ННТлар ва бошқа институтларни ривожлантириш фонди томонидан Ўзбекистон врачлар ассоциациясига “Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш ва ижтимоий аҳамиятга эга аҳолига малакали тиббий хизматни ташкил қилиш” номли 90 млн. сўмлик Давлат ижтимоий буюрмаси ажратилди ва у муваффақиятли амалга оширилди.
Халқаро хамкорлик. Ассоциацияни ривожлантиришда халқаро ҳамкорликни яхшилаш муҳим йўналиш ҳисобланади. Ўзбекистон врачлар ассоциацияси 1997 йилдан Европа тиббиёт ассоциациялар ва Жахон соғлиқни сақлаш ташкилотлари форумига аъзо бўлди ва ҳар йили ўтказиладиган йиллик йиғилишларида қатнашиб келади. 2016 йил 10-12 март кунлари Европа тиббиёт ассоциациялар ва Жахон Соғлиқни сақлаш ташкилоти форуми Тошкент шаҳрида ўтди. Унда 20 давлатдан 60 дан ортиқ тиббиёт ассоциациялари вакиллари иштирок этишди.
Ассоциация 2011 йилда Жахон тиббиёт ассоциациясига ва 2012 йилда Жануби-шарқий Европа тиббий форумига аъзо бўлди. Бундан ташқари, Ассоциация Корея Республикаси Соғлиқни сақлаш саноати ривожланиш институти ва Корея халқаро тиббий хизмат ассоциацияси билан ҳамкорлик меморандумлари имзолаган. Ассоциация АҚШ бирлашган аккредитация комиссияси билан ҳам ҳамкорлик қилади. 2017 йилдан бери Хитой халқ республикаси тиббиёт ассоциацияси билан яқигн ҳамкорлик ўрнатилган. Мутахассисларимиз 3 марта Хитой халқ республикаси ассоциациясининг таклифи билан илмий-амалий конференцияларда Ўзбекистон врачлар ассоциациясининг фаолияти тўғрисида маърузалар билан иштирок этишган.
Ўзбекистон врачлар ассоциацияси ташаббуси ва таъсислигида 1999 йил Халқаро “Ибн Сино” Фонди ва 2011 йил “Ўзбекистон хусусий врачлар ассоциацияси” ташкил қилинди. Иккала ташкилот нодавлат нотижорат ташкилотлар бўлиб, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга ўз хиссасаларини қўшишмоқда. Ўзбекистон врачлар ассоциацияси бир неча Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимига оид хукумат қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2007 йил 7 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Конститутцияси қабул қилинганининг 15 йиллигига бағишланган нутқида “Ижтимоий ҳимоя йили”да республика аҳолисига кўрсатилган ёрдам учун бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Ўзбекистон врачлар ассоциациясига ҳам миннатдорчилик билдирилган.


Ўзбекистон врачлар ассоциацияси раиси
З.У. Сидиков